Ishonch telefoni
Bosh sahifa » Axborot xizmati » МУТАХАССИС МАСЛАҲАТИ: ЁЗГИ ОРОМГОҲЛАРДА БОЛАЛАР ОВҚАТЛАНИШИ ХАВФСИЗМИ?

МУТАХАССИС МАСЛАҲАТИ: ЁЗГИ ОРОМГОҲЛАРДА БОЛАЛАР ОВҚАТЛАНИШИ ХАВФСИЗМИ?

25-06-2026, 09:57
48
Ёз мавсуми — болажонларнинг севимли дам олиш даври. Бироқ иссиқ кунларда оромгоҳ ошхоналарида санитария қоидаларига заррача бўлса-да бепарво бўлиш оммавий заҳарланишларга олиб келиши мумкин.
Мен, врач эпидемиолог  Жавлонбек Бабажонов, сизларга оромгоҳлардаги таомланиш тизими қандай назорат қилиниши ва амалдаги СанПиН 0026-22 қоидаларининг энг муҳим талаблари ҳақида маълумот бераман.
🛑 1. Маҳсулотларни қабул қилишдаги "Қизил чизиқлар"
Ошхонага келаётган ҳар бир маҳсулот қатъий филтьрдан ўтади:
Гўшт ва сут маҳсулотлари: Ветеринария хизматининг тамғаси ва ижобий экспертиза хулосасисиз ошхонага умуман киритилмайди.
Вақт омили: Тез бузиладиган маҳсулотлар йўлга чиққандан бошлаб 2 соат ичида оромгоҳга етиб келмаса, улар қабул қилинмайди ва ортга қайтарилади.
Бракераж журнали: Ҳар бир тез бузилувчи маҳсулот сифати махсус журналга қайд этиб борилади.
🔍 2. Овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш: Кундалик синама (намуна)
Ҳар бир тайёрланган таом болаларга тарқатилишдан аввал тиббиёт ходими томонидан яқиндан текширилади:
💡 Оромгоҳда пишган ҳар бир таомдан бевосита қозондан 1 порция ҳажмида кундалик намуна олинади. Бу намуналар стерилланган банкларда, махсус совуткичда (+2 дан +6 °C гача) сақланади. Бу хавфсизликни назорат қилишнинг энг ишончли усулидир.
Салатлар фақат берилишидан олдин тўғралади ва ёғ солинади. Кечаги кундан қолган овқатни болаларга бериш қатъиян тақиқланади!
🏷 3. Ошхона жиҳозларининг маркировкаси (ХГ, ХБ, ПГ...)
Касаллик чақирувчи микроблар хом гўштдан пишган таомга ўтиб кетмаслиги учун ҳамма пичоқ ва тахтакачлар махсус белгиларга эга:
ХГ – хом гўшт, ХБ – хом балиқ, ХС – хом сабзавот;
ПГ – пишган гўшт, ПБ – пишган балиқ, ПС – пишган сабзавот;
Н – нон учун.
Чети учган, эмали кўчган ёки ёрилган идишлардан фойдаланишга рухсат берилмайди.
🧼 4. Идишларни ювишнинг 4 босқичли олтин қоидаси
Идиш-товоқлар оддий ювилмайди, улар махсус 3 бўлмали ванналарда зарарсизлантирилади:
Тозалаш: Овқат қолдиқларидан халос этиш.
Ювиш: 50 °C иссиқ сувда, махсус воситалар билан.
Дезинфекция: Хлор оҳаги ёки натрий гипохлорид эритмасида микробларни ўлдириш.
Чайиш ва Қуритиш: 65 °C дан паст бўлмаган иссиқ сувда чайиб, панжараларда қуритиш (сочиқ билан артиш мумкин эмас!).Қошиқ ва вилкалар эса ювилгач, 2-3 дақиқа давомида юқори ҳароратли қиздириш шкафларида тобланади.
🕒 5. Овқатланиш тартиби қандай бўлиши керак?
Болалар оромгоҳда кунига 4 маҳал овқатланиши шарт ва оралиқ масофа 4 соатдан ошмаслиги лозим:
🥞 Нонушта: суткалик рационнинг 25 фоизи;
🍲 Тушлик: 35 фоизи;
🥐 Иккинчи тушлик: 15 фоизи;
🥗 Кечки овқат: 25 фоизи.
Болажонларимизнинг соғлиғи — бизнинг олий мақсадимиз. Оромгоҳ раҳбарлари ва ошхона ходимлари ушбу қоидаларга сўзсиз амал қилишлари шарт!
Ҳурмат билан, врач эпидемиолог Жавлонбек Бабажонов.
Ctrl
Enter
Xatoligni aqniqladingizmi?
Matnni belgilang va Ctrl+Enter tugmalarini bosing.